Exit
“Келажак Лингво” ҳақида ҳаммаси ва ҳар ерда!
2890
2013-02-10

Тилларни ўрганишда амалиёт етарлича муҳим ўринда туради. Шу инобатга олиниб “Келажак Лингво” тил марказида ўтган йилдан бери фаоллар тил гуруҳлари ташкил этилди.  Фаоллар ўтган давр мобайнида айнан амалиётга қаратилган кўпгина лойиҳаларни амалга ошириб келмоқдалар. Ўтган йилнинг май ойида Британия Кенгаши томонидан маъқулланган “Доно авлод” (Infant Prodigy) лойиҳаси ва ҳар бир тил гуруҳи ташкил қилган сўзлашув клублари  шулар жумласидандир. Мактабгача ёшдаги болаларга инглиз тилини ўргатиш сирларини ўрганиш ва МТМларда бепул дарслар ташкил қилишга қаратилган “Доно авлод” лойиҳаси орқали ўнлаб фаоллар ўзларидаги инглиз тили бўйича эгалланган билимларни амалда қўллаш, мустаҳкамлаш ва ривожлантириш имконига эга бўлдилар. Ҳар ҳафта турли тилларни ўрганиш иштиёқидаги ёшларга ўз эшикларини очадиган сўзлашув клублари ҳам айнан билимлар амалиёти ва ривожига хизмат қилади.

         “Келажак Лингво” тил маркази фаолларининг шундай лойиҳаларидан бири – Лингвомедиа яъни “Келажак Лингво”нинг медиа маркази лойиҳаси ҳисобланади. Тилшунослик, таржимонлик ва журналистикага қизиқадиган ёшларни жамлаган ушбу марказ мана тўққиз ойдирким ўз фаолиятини амалга ошириб турли ижобий натижалар, муваффақиятларга эришмоқда. Инглиз тилида иншолар, мақолалар ёзиш, репортажлар тайёрлаш, ёзма таржималар қилиш, ижтимоий тармоқларда тил маркази ва унинг тадбир ва лойиҳалари ҳақида маълумотлар бериб бориш ва хатто муҳим тадбирларни онлайн тарзда ёритиб бориш ва бошқа кўплаб шу каби ишларни амалга оширишни кўзда тутадиган медиа марказ уч йўналишда ўз фаолиятини юритади:

  1. Босма журналистика
  2. Интернет журналистика
  3. Жамоатчилик билан ишлаш

 

Босма журналистика

 “Келажак овози” газетаси ва тил марказининг “деворий матбуоти”:

 

Қўлингизда тутиб турган газетангизда ҳам фаоллар томонидан “Келажак Лингво” фаолияти ва лойиҳалари ҳақидаги ўнлаб мақолалар чоп этилди. 2013-йилнинг февраль ойидан бошлаб эса, ушбу газетада янги “Lingvo Master” саҳифаси эълон қилина бошланди. Бу саҳифада сиз нафақат инглиз тили балки, немис, француз ва бошқа халқаро тилларни босқичма босқич ўрганишингиз мумкин.

Келажак лингво тил марказида фаоллар томонидан бир нечта деворий газеталар яратилади. Уларда тил маркази ҳақида маълумотлар ва тил ўрганишга қизиқувчилар учун махсус таълим саҳифалари бор.

 

Муқаддас Тайланова, “Lingvo Master” саҳифаси ва тил марказининг “деворий матбуоти” ижодкори:

- “Келажак Лингво” тил марказида тўтртта деворий газета устида ишлаяпмиз. Биринчи деворий газета тил маркази ҳақида умумий маълумот беради ва унда таълим йўналишидаги янгиликлар ва дарс жадваллари эълон қилинади. Иккинчи газетада тил марказининг фаоллари ҳаёти ёритилади ва “LingvoToday!” деб номланади. Учинчи газета “Келажак Овози” газетасидаги  “Lingvo Master” саҳифасининг деворий вариантидир. Яна бир пештахтада биз “КО” ва бошқа газеталарда чоп этилган барча мақолаларни осиб қўямиз. Тил марказимизга ташриф буюрганлар мазкур – “Матбуот биз ҳақимизда” саҳифасини ўқишлари мумкин бўлади. Газетадаги “Lingvo Master” учун фаоллар билан уч – инглиз, немис, француз тиллари бўйича дастур ишлаб чиқдик. Уларга ўзингиз ўқиб, баҳо беришингиз мумкин.

 

 

 Интернет журналистика

Facebook”даги саҳифа.

 

Тил марказида фаоллар гуруҳлари ташкил қилинган санадан бошлаб, мазкур ижтимоий тармоқда гуруҳлар мавжуд бўлган. Бироқ, кенг оммага тил маркази ҳақида маълумот берадиган саҳифа ўтган йилнинг куз ойларида шаклланди. Медиа маркази фаоллари бу – www.facebook.com/Kelajaklingvo саҳифасида Лингво маркази тадбирларидан юзлаб фотосуъратларини омма эътиборига ҳавола этдилар. Расмларга турли таърифлар ёзишди ва ундан ташқари турли янгилик ва мақолалар ҳам эълон қилдилар.

 

Твиттердаги саҳифа.

          Кундан кунга оммалашиб бораётган, замонавий ёшларнинг севимли ижтимоий тармоқларидан бири – Твиттер ҳам Лингвомедианинг эътиборидан четда қолмади. Октябрь ойидан бошлаб мазкур сайтда “Келажак Лингво” ҳақида кўплаб твитлар пайдо бўла бошлади. Бу аккаунт инглиз тилида ёзила бошлаган твитлар кам муддат ичида республика бўйлаб кўплаб тил ўрганувчи фаол ёшлар бўлган фолловерларни йиғди.  Таъкидлаш ўринлики, бу саҳифа фолловерлари ичида Буюк Британиянинг ўзбекистондаги ваколатхонасининг расми саҳифаси ҳам бор. Бу саҳифа медиа марказ фаоли, Фонд Форум ва “Меҳр нури” жамғармасининг “Таълим грантлари” дастури ғолиби Миржалол Мирсабитов ташаббуси билан очилди.

        “Твиттер - мен афзал кўрадиган ижтимоий тармоқлардан бири. “Келажак Лингво” фаоллари томонидан ташкил этилган лойиҳалар ва тадбирлар ҳақида маълумотлар бердик, расмлар жойлаштирдик. Бу бизга интернет журналистикаси бўйича ишлаш имнонини бермоқда. Ўзимиз волонтёр сифатида қатнашган “English Week – 2012 ”даги UzTEA анжуманини твиттердаги саҳифамиз орқали онлайн ёритиб бордик. Кўп нарсаларни ўргандик, айниқса Твиттер бизга кам жумлалар билан кўп маъно етказиб беришни, сўзларни тўғри танлашни ўргатди. (кулади) Шахсан ўзим, инглиз тилида бир неча сўзни ўрнига ишлатса бўладиган сермаъно сўзларни ўргандим.”  - дейди у.

 

lingvo.uz – “Келажак Лингво” тил марказининг расмий сайти.

 

           2008-йил “Келажак овози” ЁТМ фаоллари томонидан яратилган мазкур сайт ҳам фаоллар учун катта имкониятлар эшигини очди. Сайтга жойлаштирилган ўнлаб инглиз, ўзбек ва рус тилларидаги мақолалар – “Келажак лингво” тил марказида ўзидаги таржимонлик ва журналистик қобилиятларини ривожлантираётган фаолларнинг ижод ва меҳнат маҳсулларидир. Фаоллар ҳозирда сайтнинг техник жиҳатдан ривожлантириш устида ҳам ишламоқдалар. Тез кунларда мазкур сайтда уч тилда нафақат мақолалар ўкийсиз, балки сайтнинг ўзи уч тилда бўлади.

Айзада Абдироманова, lingvo.uz сайти рус тили бўлими ижодкори:

-         Мен  тил ўрганишга жуда қизиқаман. Медиа марказ менга таржимонликда ўзимни синаб кўриш имконини бердим. Бунда бизга Art Week Style uz давомида fundforum.uz, tashkinofest.com, style.uz каби сайтлар учун ёзма таржима билан шуғулланган фаоллар ўз маслаҳатларини бериб ёрдам беришди. Мақолаларни таржима қилиш пайтида нафақат таржимонлик балки журналистикага ҳам қизиқишим ортди. Мен энди lingvo.uz сайти учун рус ва инглиз тилларида мақолалар ёзиш ниятим бор.

 

kelajakovozi.uz сайти:

Республикадаги энг фаол ва ташаббускор ёшлар ҳақидаги ахборотлар манбааси бўлган “Келажак овози” ЁТМнинг расмий сайти 2012-йилнинг кузидан бошлаб янги дизайнда намоён бўлди. “Келажак Лингво”нинг медиа маркази фаоллари сайтдаги маълумотларни инглиз тилига таржима қилишда кўмаклашишди. Ундан ташқари, янгиликларни ҳам инглиз тилида эълон қилинишини таъминлаётган фаоллар ҳам Лингвомедиа фаолларидир.  

Жамоатчилик билан ишлаш

 

Лингво шоу:

 

“Келажак Лингво” тил маркази ташкил топганига 4 йил тўлиши муносабати билан ўтган йилнинг 31-октябрь куни Ёшлар ижод саройида марказнинг тақдимот кечаси бўлиб ўтди. Анъанавий тарзда ўтказиладиган ушбу тақдимот бу сафар тил марказининг медиа маркази томонидан барча тил гуруҳлари билан ҳамкорликда уюштирилди. Тадбирни ташкиллаштириш ишлари ва сценарийси медиа марказ фаоллари ташаббуси билан бўлди. Тақдимотда лингвомедиа фаолларининг қойилмақом ижод маҳсули ҳисобланган – видеоролик яратилди. Мазкур видеороликдан “Келажак овози” ЁТМ фаоллари PR акциялар ўтказишда фойдаланмоқдалар.   

 

Британия Кенгаши тадбирларидаги “Муваффақият ҳикоялари”:

 

Юқорида таъкидланганидек, тил марказининг инглиз тии гуруҳи фаоллари Британия Кенгаши билан лойиҳалар амалга оширишади. 2012-йил декабрида анъанага кўра ўтказилган инглиз тили ҳафталигида ҳам медиа марказ фаоллари ўз тақдимотлари билан қатнашдилар. “English Week – 2012 ” доирасида ўтказилган UzTEA (Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари ассоциацияси) анжуманида, бутун республикадан ташриф буюрган 300дан ортиқ инглиз тили ўқитувчилари, хорижлик экспертлар, таълим вазирликлари вакиллари ва журналистлар қаршисида “Доно авлод” лойиҳасини тақдим этганлари бунга мисол бўлади. Ушбу тақдимотдан лойиҳа ҳақидаги ажойиб видеолавҳа ўрин олган бўлиб, у ҳамманинг эътиборини тортди.

 

Светлана Хан, Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари ассоциацияси президенти:

- Ўйлаймизки, анжуман жуда юқори ва профессионал даражада ўтди. Биз сиз каби ёш авлодни - кучли жамоани  бу тадбирда кўриб жуда хурсанд бўлдик. Чунки, бизнинг қилаётган барча меҳнатимиз ёшлар учун. Улардан биз рағбатни ва фаолликнпи кутамиз. Мазкур анжуман давомида биз шундай қўллаб қувватлашни кўрдик ва “эстафетани” кимга топширишимиз мумкинлигни кўрдик. Анжуманда бутун Республикадан қатнашган ўқитувчилар сизларниг тақдимотларингиздан жуда ҳайратда қолишди. Сиз каби позитив, серғайрат, интилувчан ёшларни кўриш бизнинг муштарак тилагимиздир.

 

Ундан ташқари Learner Conference давомида ҳам улар шундай тақдимотни инглиз тилини ўрганувчиларга намойиш этишди. Ундан ташқари, ушбу анжуманда “Келажак овози” ЁТМ кўргазмаси бурчаги ва тил маркази томонидан уюштирилган “Бошқотирмалар мусобақаси” ҳам жамоатчилик билан ишлаш бўйича қилинган ишларнинг яққол мисолидир.

 

“Development Club” лойиҳаси:

 

“Тараққиёт клуби” маъносини берувчи лойиҳа “Лингвомедиа” лойиҳаси бўлиб, у ўтган йили Британия Кенгаши томонидан маъқулланган. У аслида ўрта махсус таълим муассасаларида “Development Club” деб номланувчи тренинг клубларини ташкил этиш ва шу орқали лицей ва коллежларда ўқийдиган фаол ёшларни “Келажак овози” ЁТМ фаолияти билан  таништириш ва лойиҳаларга жалб этиш, инглиз тили ривожига ҳисса қўшиш ва таълим муассасалари ижтимоий ҳаётини ривожлантиришни кўзда тутади. Олий таълим муассасаларида “Келажак овози” ахборот хоналари очилиши муносабати билан бундай клубларни олийгоҳларда ҳам ташкил этиш ғояси туғилди. Феврал ойидан тренинг клублари очилиб, тренинглар ўтказила бошлайди.

 

 

 Саидазиз Аъзамов,

“Лингвомедиа” лойиҳаси муаллифи ва раҳбари